Қирғизистонда 8 июндан масжидлар қайта очилади

Бишкек марказий масжиди.

Қирғизистонда 8 июндан масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат жойлари фаолиятига рухсат берилди.

Ҳукумат матбуот хизматининг 4 июнда билдиришича, бундай қарор муфтият ва бошқа диний ташкилотлар вакиллари билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинган.

Ибодат жойларида сантиария талабларига амал қилиниши лозим. Ибодат қилишга кираётганларнинг тана ҳарорати текширилади, улар юзқопда бўлиши ва камида 1,5 метрли ижтимоий масофани сақлашлари зарур.

Қирғизистонда коронавирус оқибатида 17 мартдан масжидлар ва бошқа ибодат жойлари ёпилган, жума намозлари ва бошқа оммавий диний тадбирлар бекор қилинган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 июнь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 1899 кишига етди. Беморлардан 1292 нафари соғайди, 20 бемор вафот этди.