Беларусда бош вазир алмашди

Беларуснинг янги бош вазири Роман Головченка.

Беларусда, президент Александр Лукашенка қарори билан, Роман Головченка мамлакат бош вазири этиб тайинланди.

3 июнь куни Лукашенка Сергей Румас ҳукуматини истеъфога чиқарганди. Президентга кўра, унинг собиқ бош вазирга эътирози йўқ эди, бироқ Румас бизнес билан шуғулланишга қарор қилган.

46 ёшли янги бош вазир Головченко Москва Халқаро алоқалар институти ва Беларусь президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясини тамомлаган. Мамлакат Хавфсизлик кенгаши ва Бош прокуратурада турли лавозимларда ишлаган.

Лукашенка янги ҳукумат тузиш режасини 25 майдаёқ очиқлаганди. Бу борада қарор 9 августга белгиланган президент сайловигача қабул қилиниши лозим эди.

Лукашенка Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Эндиликда у олтинчи муддатга сайланишга ҳозирлик кўрмоқда.

Мухолифат бу галги президент сайлови учун ягона номзодни илгари сургани йўқ, бироқ сайловолди кампанияси доирасида у Минск ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишлари ўтказмоқда. Лукашенка бунга жавобан сайлов кампанияси чоғида мамлакатда “майдон” бўлмаслигидан огоҳлантирган.