Сўх туманидаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш учун 1 триллион сўмга яқин маблағ ажратиш юзасидан президент қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Сўх туман ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда таъкидланишича, Сўхга 2 июнь куни борган ҳукумат аъзоларидан иборат гуруҳ мавжуд муаммоларни икки кун давомида ўрганган.. Натижада муаммоларни бартараф этиш юзасидан махсус дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган.
“Дастурда Сўх — Риштон йўли ва бошқа мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида таклифлар билдирилди”, - дейилади хабарда.
Бундан ташқари Сўхда 2020 йил давомида 4,5 минг янги иш ўринларини яратиш учун умумий қиймати 101 миллиард сўм бўлган 73 лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. Сўхлик ёшлар учун Ўзбекистон олийгоҳларидан 500та ўрин квота сифатида ажратилади.
31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.
Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.