Халқаро валюта фонди Ўзбекистонда жорий йилда ишсизлик даражаси 16,5 фоизга етиши мумкинлигини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Хабарда айтилишича, аввалроқ Ўзбекистонда ишсизлик жорий йилда 8,9 фоизга етиши прогноз қилинган эди. Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ишсизлик кўрсаткичини расман бундан озроқ қилиб кўрсатмоқда.
Тошкентдаги Ma’no тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиер Эргашев: “Агар бу одамлар иш топа олмаса, мамлакатда ижтимоий таранглик кучаяди”, - деб ҳисоблайди.
Bloomberg агентлигининг ёзишича, ишсиз қолганларнинг асосий қисми Россиядан қайтган меҳнат муҳожирларидир.
“Чегаралар очилган тақдирда ҳам ишсизлар сўнгги ўн йилдан бери энг улкан инқирозни бошдан кечираётган ва иқтисодий жиҳатдан сустлашган Россиядан иш излайди”, - дейилади хабарда.
Агентликнинг ҳисоб-китобича, жорий йилда Россиядаги муҳожирлар Ўзбекистонга жўнатилаётган пул миқдори ҳам камида икки баробарга камаяди.