Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммит ўтмоқда

Глобал вакцина альянси саммитларида таниқли олимлар билан бир қаторда сиёсатчилар ҳам қатнашади.

Лондонда коронавирусга қарши вакцина бўйича глобал виртуал саммитни ўтказишдан мақсад COVID-19га қарши эм яратиш ва пандемияга қарши кураш ва эмлаш дстурлари учун 7 миллиард 400 миллион доллар тўплашдир.

Глобал вакцина альянси (ГВА)нинг 4 июнда бошланган саммитида ҳар бир одамнинг вакцина олиш имкониятига эга бўлиши масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари ГВА болаларнинг қизамиқ ва полиомиелитга қарши эмлаш дастурларини ҳам қўллаб-қувватламоқчи.

Коронавирус пандемияси ўнлаб ривожланаётган мамлакатларда болаларни эмлаш дастурларининг тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ аъзоликдан чиққани ортидан моддий қийинчиликни бошдан кечирмоқда.

Бугунги кунда ўнлаб ширкатлар ва илмий-тадқиқот институтлари COVID-19га қарши вакцина устида бош қотирмоқда. Кўпчилик мутахассислар коронавирусга қарши вакцина фақат 2021 йилга келиб яратилиши мумкинлигини айтмоқдалар. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцина ҳеч қачон кашф этилмаслиги эҳтимоли борлигини ва коронавирус эпидемияси сақланиб қолиши мумкинлигини билдирмоқда.