Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятига жўнаб кетди, деб хабар берди президент матбуот хизмати 5 июнь куни.
“Сафар давомида тўқимачилик, ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги корхоналари бориб кўрилади, бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилади”, дейилади хабарда.
Расмий маълумотда президентнинг Сўх туманига бориши ёки бормаслиги ҳақида айтилмаган.
1 июнь куни Сўхда аҳоли билан учрашган Бош вазир Абдулла Арипов шу ҳафта ичида президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғонага боришини маълум қилганди.
4 июнь куни Сўх туманидаги бир неча манбадан олинган маълумотга кўра, Фарғона вилояти расмийлари ва туман маъмурияти вакиллари президент сафари арафасида Сўхдаги маҳалла фаоллари билан йиғилиш ўтказган.
“Кеча селекторда президент ёрдам ажратгани, кейин шу район марказида ногирон ва кам таъминланлар учун кўпқаватли уй қурилиши ҳақида гапиришди. Жума куни Фарғонага президент келаркан. Сўхга ҳам келиши мумкин, ҳозир бўлиб туринглар дейишди", деб айтган эди Озодликка 4 июнда тумандаги маҳаллий ҳокимият идораларидан бирида ишлайдиган сўхлик.
31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган.
Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлган.