Лукашенка “президент Каримов Андижонда минглаб одамни отгани”дан баҳс этди

Беларус президенти Александр Лукашенка иштирокидаги ҳукумат мажлиси, Минск, 2020 йил 4 июни.

Беларус президенти Александр Лукашенка 4 июнь куни ҳукуматнинг янги таркиби бўйича кадрлар масаласини ҳал қилиш чоғида ўз мамлакати “постсовет давлатлари орасида ғам-алам тотмаган ягона ўлка” эканини қайд этди.

Беларус президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Лукашенка янги ҳукуматни тайин қилганидан кейин собиқ Совет Иттифоқининг кўп мамлакатлари бошдан кечирган барча офат ва фуқаролик урушларини ёдга олди. Унинг иддаосича, Беларуснинг энг манфаатли бойлиги тинчликни сақлаб қолганидир.

Ўз нутқида Лукашенка Ўзбекистоннинг аввалги президентини эслади.

“Собиқ президент Каримов Андижонда минглаб одамни отиб ташлаб, исённи бостирганини эсдан чиқаришди. Ҳамма уни қоралаганди, ўлганида эса тиз чўкиб, додлаб йиғлашди. Биз буларни бошимиздан ўтказганимиз йўқ, шунинг учун биз – айримларимиз – буни тушунишни истамаяпмиз. Биз эса эслатиб қўямиз”, деди Беларус президенти.

Лукашенка ўз сўзида Украина, Молдова, Литва, Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Тожикистонда содир бўлган воқеаларни эслатган. Айрим кузатувчилар унинг бу гапларини галдаги президент сайлови олдидан мухолиф фикрли кишиларга таҳдид ўлароқ баҳолаган.

Беларус президенти 3 июнь куни Сергей Румас ҳукуматини истеъфога чиқариб, эртасига Роман Головченкани бош вазирликка тайинлаган ва янги ҳукуматни шакллантирган.

Лукашенка янги ҳукумат тузиш режасини 25 майдаёқ очиқлаганди. Бу борада қарор 9 августга белгиланган президент сайловигача қабул қилиниши лозим эди.

Лукашенка Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келади. Эндиликда у олтинчи муддатга сайланишга ҳозирлик кўрмоқда.