Россияда 100 мингга яқин ўзбекистонлик ватанига қайтиш истагини билдирган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамроев Kun.uz'га берган интервьюсида маълум қилди.
Унга кўра, муҳожирларни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан амалга оширилаётган чартер рейслар биринчи навбатда имконияти чекланганлар, қариялар, оғир касаллиги бор фуқаролар ҳамда ҳомиладор, шунингдек, ёш болали аёллар ва талабаларни олиб келмоқда.
Эркин Ҳамроев 6 июнь ҳолатига мувофиқ, 1245 нафар ўзбекистонлик темир йўллар орқали, 15 минг 390 нафар фуқаро майдан бошлаб ташкил этилган чартер авиарейслар орқали Ўзбекистонга олиб келинганини айтган.
Бундан ташқари Ўзбекистонга бевосита қўшни бўлган мамлакатлардан 40 минг 209 нафар фуқаро, жами 56 мингдан зиёд фуқаро ватанга қайтарилган. Шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда қолган 7 мингдан кўп фуқароси ҳам ўз ватанига қайтарилган.
Айни пайтда Uzbekistan Airways хориждаги ватандошларни Ўзбекистонга олиб келиш учун 8-21 июнь кунларига мўлжалланган чартер рейслар ҳақида маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шу кунларда Россия, Туркия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Италия, Украинага амалга ошириладиган чартер рейслар билан Ўзбекистонга 5208 ватандош қайтарилади.