Германиянинг собиқ канцлери Герхард Шрёдер “Роснефть” директорлар кенгаши раҳбари лавозимига қайта сайланди. Бу ҳақда Россия давлат нефть ширкати сайти маълум қилди.
Шрёдер “Роснефть” директорлар кенгаши раиси лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келади. Ўша пайтда Германия канцлери Ангела Меркель Шрёдернинг Россия ширкати директорлар кенгашига раҳбар этиб тайинланиш қарорини танқид қилган. У “Роснефть” Европа Иттифоқи санкция рўйхатига кирган ширкат эканини эслатган.
Шрёдер 2018 йил ноябрида Aachener Nachrichten нашрига интервью берганидан кейин Украинанинг "Миротворец" сайти тузган Россияни дастакловчилар рўйхатига киритилган. Ўша интервьюда собиқ канцлер “Қримнинг Россияга қўшиб олиниши - эртами-кечми тан олинадиган реал вазият” экани ҳақида билдирганди. Бундан ташқари, Шрёдер ўзининг Россия газ лойиҳаларида иштирок этишини “Германиянинг стратегик манфаати” билан изоҳлаган. У “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилишининг оператор ширкати бўлган Nord Stream 2 AG акциядорлари қўмитаси раиси лавозимини ҳам эгаллаб келмоқда.
Балтика денгизи туби бўйлаб Россиядан Германияга ётқизилаётган “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилиши 2018 йили бошланган. Қувур ётқизиш ишлари 2019 йил охирида якунланиши тахмин қилинаётганди. Бироқ АҚШ Конгресси декабрь ойида “Шимолий оқим – 2” учун қувур ётқизишда иштирок этаётган кема эгаси бўлган ширкатларга қарши санкциялар жорий этишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси қабул қилганидан кейин бу ишлар тўхтаб қолган.
Санкциялар жорий қилинганидан кейин Россия вакиллари “Шимолий оқим – 2” 2020 йил охири ёки 2021 йил бошигача барибир қуриб битказилишини билдирганлар.
АҚШ мазкур лойиҳага “Шимолий оқим – 2” Европани Россияга газига ўта қарам қилиб қўяди, деган мулоҳаза билан қарши чиқиб келмоқда. Украина билан ЕИнинг қатор давлатлари ҳам ана шундай фикрдалар. Газ қувури қурилишида ўз ширкатлари иштирок этаётган Германия, Австрия ва бошқа қатор давлатлар бу ерда гап тамомила бизнес-лойиҳа устида бораётганини урғулаб келмоқдалар.