Қашқадарёда суд туман ҳокимига кластер ишига аралашишни тақиқлаб қўйди

Қарши тумани маъмурий суди туман ҳокими ва ҳокимлик мансабдор шахсларига кластер фаолиятига аралашиш, унинг 2020 йил учун фермерлар билан тузган шартномасини бекор қилиш ёки ўзгартиришга уринишини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда kun.uz нашри хабар қилади.

Қайд этилишича, 8 июнь куни Қарши тумани маъмурий судида пахта-тўқимачиликка ихтисослашган “SULTON TEX GROUP” кластери ва туман ҳокимлиги ўртасидаги маҳкама жараёни якунига етган. Судда кластер корхонасининг даъвоси қисман қаноатлантирилган.

Қайд этилишича, суд қарори билан Қарши туман ҳокимлиги мансабдорларининг фермер хўжаликлари кооперацияси дейилаётган “SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI” МЧЖ билан тумандаги фермерлар ўртасида шартнома тузишга эришиш мақсадида амалга оширган барча ҳаракатлари ноқонуний, деб топилган.

Шунингдек, туман Давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтишда “SILVER FIBER AGRO KOOPERATSIYASI” МЧЖ номига кооперация сўзини қўшиб, рўйхатдан ўтган ва фермерларни шартнома тузишга мажбурлаган МЧЖ гувоҳомаси бекор қилинган.