АҚШдаги деярли икки ҳафталик норозилик намойишларига сабаб бўлган афроамерикалик Жорж Флойднинг жасади 9 июнь куни Ҳюстон шаҳрида дафн этилди.
Жорж Флойднинг оқ танли полициячи томонидан 25 майда ўлдирилиши нафақат АҚШда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Қўшма Штатларнинг асосий иттифоқчилари бўлган Европа Иттифоқига аъзо давлатларда кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлди.
Жорж Флойдни дафн этиш маросими пайтида Франция пойтахти Парижда 8 минут 46 сония сукут сақлаш маросими ўтказилди. АҚШ прокуратурасининг аниқлашича. Миннеаполис шаҳри полицияси Флойдни қўлга олиб, унинг ўлимига сабаб бўлгунига қадар айни шунча вақт сарфланган.
Швейцариянинг Женева шаҳрида норозилар Сесил Родс ҳайкали олиб ташланишини талаб қилишмоқда. Родс Африка жанубий қисмини ишғол қилгани ортидан унга ҳайкал ўрнатилган эди.
Италия потахти Римда эса 9 июнь куни кечқурун Жорж Флойд хотирасига ибодат маросими ўтказилади.
Жорж Флойд жасади 8 июнь куни она шаҳри Ҳюстонга олиб келанган эди. У билан видолашув учун минглаб одамлар йиғилганди.
46 ёшли Флойд Миннеаполис шаҳрида 25 май куни оқ танли полициячи Дерек Шовин томонидан қўлга олиниш пайтида бўғиб қўйилган эди. Флойд касалхонада вафот этган. Ўша куни унинг ўлими Миннеаполисда бошланиб, кейинроқ АҚШнинг барча шаҳарларида тартибсизликларга айланиб кетган намойишларнинг бошланишига сабаб бўлган.
Ирқчиликка қарши намойишлар АҚШдан ташқари дунёнинг кўплаб давлатларида ҳам ўтказилди.
Полициячи Дерек Шовин устидан суд 8 июнь куни бошланиши хабар қилинган эди. У ва унинг яна уч шериги қотиллик ҳамда қотилликда иштирок этишда айбланмоқда.