Тошкентдаги оммавий пичоқбозликда жароҳатланган 4 кишидан икки нафари касалхонада ўлди

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида 5 июнь куни содир этилган оммавий пичоқбозлик оқибатида жароҳат олганлардан яна бири касалхонага олиб келинганидан сўнг вафот этди.

5 июнь куни содир бўлган пичоқбозликдан бир неча соат ўтганидан сўнг Тошкент ИИБ матбуот хизмати можаро иштирокчиларидан бири олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини ва пичоқбозликда жароҳат олган иккинчи шахс оғир аҳволда эканини маълум қилган эди.

“Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, келишмовчилик иштирокчиларидан бири шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Шифокорлар иккинчи йигитнинг ҳолатини оғир деб баҳоламоқда. Яна икки нафар йигитга ҳам оғир тан шикастлари етган”, — дейилади хабарда.

Расмий маълумотда айтилишича, жанжал 27 ёшли Д.М., 1988 йилда туғилган бизнес ҳамкори Б.Р., билан Тошкентнинг Лутфий кўчасидаги дорихонадан тушадиган даромадни бўлиша олмагани оқибатида келиб чиққан.

Бош прокуратура пичоқбозликда қанча киши иштирок этгани ҳозирча номаълум эканини билдирган.

“Можаронинг бошқа қатнашчиларининг шахслари ва иштирокчиларнинг умумий сони аниқланмоқда”, - дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов билан прокуратура органлари шуғулланмоқда.

Таъкидланишича, ҳодисага алоқадор бир нечта шахс қўлга олинган. Қолганларнинг шахсларини аниқлаш ва қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.