ИВВ ЙҲХБ ахборот хизмати “Шўрданак” ва “Қалпоқ” ҳажвий гуруҳи аъзолари йўл патрул хизмати ходимлари борасидаги ҳазиллари учун узр сўрагани тўғрисидаги видеони тарқатганига Маданият вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирлик сайтида 9 июнь куни эълон қилинан баёнотда таъкидланишича: “Маданият ва санъат соҳасида чекловлар қўйилса, у ҳеч қачон ривожланмайди”.
“Маданият вазирлиги ҳажвия, сатира, аския борасида санъат ва ижодни чегараламасликни маъқуллайди. Йиллар давомида ҳажвия орқали жамиятдаги муаммо ва иллатларни йўқ қилишга қаратилган, бу йўл орқали турли соҳа йўналишларини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашилган. Бу худди журналист ва блогерларнинг бир муаммони олиб чиқиб, уни хал этилишига қаратилган мавзуларга ўхшайди”, - дейилади баёнотда.
Вазирликнинг таъкидлашича, қизиқчилар йўл патрул хизмати ходимларидан узр сўрагани тўғрисидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалиши ортидан вазирликка: “Сўз усталари худди ёмон иш қилиб қўйгандек, бошини ҳам қилиб узр сўраяпти. Агар кимнидир шахсиятига тегишган бўлса, ИИВ судга берсин. Улар ўз ишини қилган! Юмор қилди, кулдирди. Энди, врачлар, ўқитувчилар, тракторчилар чиқадими, "биз ҳақимизда аския қилманг!". "Вазирлик комиссия тузиб ўргансин. Ахир ҳар икки саҳна асари бадиий тўқимаку? Хулосасини ИИВга берсин! Маданият вазиридан жўяли жавоб кутамиз” каби мурожаатлар келган.
Бундан аввалроқ ЙҲХББ матбуот хизмати “Қалпоқ” ва “Шўрданак" ҳажвий кўрсатувлари ижодкорлари “ЙПХ ходимлари фаолиятини танқид қилиб, уларни коррупцияда айблашга уринган” деган иддао билан чиққан эди.
Бу иддао ортидан ижтимоий тармоқларда ЙҲХББ матбуот хизмати қизиқчилар узр сўраган видеони ҳам тарқатган. Видео “Ҳазилнинг таги зил бўлмасин”, деб номланган.