Ўзбекистоннинг қўшни Қирғизистон ичидаги Сўх эксклавига Фарғонадан озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ҳамда аҳолининг кундалик ҳаёти учун зарур бўлган бошқа кўплаб буюмлар ортилган хайрия карвони юборилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, сўхликларга ёрдам сифатида “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти 16 та трансформатор, 80 дона бетон устун, 70 километрдан зиёд электр узатиш кабели каби 2 миллиард 251 миллион сўмликдан ортиқ жиҳозларни тақдим этган.
Шунингдек. “Ҳудудгаз Фарғона” масъулияти чекланган жамияти 11 та махсус машинада суюлтирилган газ баллонлари, Ўзбекистон туманидаги “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли эса 5 тонна ун маҳсулотини сўхликларга беминнат ёрдам сифатида юборган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан замонавий тиббиёт жиҳозлари ажратилган.
Айни пайтда туман ёшларига 600 миллион сўмликдан ортиқ 20 турдаги спорт жиҳозлари ҳам йўллангани айтилмоқда.
Ўтган ой охирида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой туманидаги Чечме қишлоғи аҳли ўртасида булоқ суви талашидан жанжал келиб чиққан эди. Ўқотар қуроллар ишлатилган ва тошбўронлар бўлган можаро чоғида Ўзбекистон томонидан 187 киши, Қирғизистон тарафидан эса 25 киши ярадор бўлгани расман билдирилган.