Human Right Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Қирғизистондаги июнь воқеаларининг 10 йиллиги муносабати билан баёнот тарқатди. Унда қирғиз расмийлари 2010 йили июнь воқеалари чоғида ва ундан кейин содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун масъул бўлган шахсларни аниқлаб, адолат ўрнатиш йўналишида зарур чораларни кўра олмагани қайд этилган.
Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган ташкилот миллатларо низога алоқадор жиноят ишларининг кўпи якунига етмай қолгани, айрим суд ишлари қийноқларга оид айбловлар қабатида юритилганини билдирган.
“Қирғизистон жануби анчадан бери миллатлараро низо ҳудуди бўлмай қолган бўлса-да, аввалги ҳуқуқбузарликлар учун жазо берилмаса, минтақадаги узоқ муддатли барқарорликнинг келажаги бўйича асосий хавотирлар йўқолмайди”, дея билдирди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритман.
Ташкилот қирғиз расмийларини ҳуқуқбузарликлар билан олиб борилган жиноят ишларини қайта кўриб чиқишга, давлат идоралари, айниқса куч ишлатар тузилмаларига турли миллат вакилларининг қабул қилинишини таъминлашга ундаган. Шу билан бирга, июнь воқеалари ортидан умрбод қамоқ жазосига тортилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни озод қилиш бўйича халқаро ташкилотлар илтимосини қондиришга чақирган.
Қирғизистон жанубида 2010 йил 10 июнида бошланган воқеаларга бугун 10 йил тўлди. Ўша воқеалар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши нобуд бўлган, 2000 чоғли одам тан жароҳати олган. Қурбонлардан 295 нафарини, яъни 70 фоизини ўзбеклар, 123 нафарини ёки 29 фоиздан ортиқроғини эса қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари чоғида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам ҳалок бўлган.
Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Наргиза Қуватовага кўра, 2010 йил июнь воқеалари бўйича жами 5642 жиноят иши қўзғатилган, жиноятлардан 360 таси фош этилган, булардан 319 таси судга юборилиб, 511 кишига айблов билдирилган, 3919 та иш вақтинча, 13 та иш эса тамоман тўхтатилган, 1391 та иш бошқа ишлар билан бирлаштирилган.
“Ҳозирда тергов босқичида турган жиноят иши йўқ. Бироқ айни пайтда жиноят ишлари доирасида тезкор қидирув чоралари давом эттириб келинмоқда”, деган Бош прокуратура мулозимаси.