Жорий йилнинг 27 май куни Санкт-Петербургдан чартер рейси билан Ўзбекистонга қайтган ва кейинроқ COVID-19 инфекциясига чалингани тасдиқланган бемор вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.
ССВ қайдича, Россиядан қайтганидан кейин карантин марказида тиббий кузатувга олинган самарқандлик А.да 1 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланиб, Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган.
Унинг узоқ йиллар давомида ўткир лейкоз, сурункали анемия оғир даражаси ва нафас етишмовчилиги каби касалликлар билан даволаниб келгани айтилмоқда.
Бундан 9 кун муқаддам беморнинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган. Аммо, муолажаларга қарамасдан, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олгани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 19 нафарга етди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 2020 йил 10 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 4623 га етган, беморлар орасидан 3532 нафар киши соғайган.