Украина Бош прокуратураси парламентдаги “Европа бирдамлиги” фракцияси раҳбари, собиқ президент Петро Порошенкони ҳибсга олинишига эришмоқчи. Бу ҳақда 10 июнь куни Бош прокуратура расмий сайтида хабар қилинди.
Расмий хабарда Порошенконинг исми айтилмаган, лекин “Олий Рада депутати, 2018 йилда мамлакат президенти бўлган шахс” ҳақида гап кетаётгани таъкидланган.
Прокуратура Порошенкони икки йил аввал президент лавозимида ишлаб турганида “аниқ жиноий фармон”ни имзолаганликда айбламоқда. Терговнинг билдиришича, мазкур фармон ортидан Ташқи разведка хизмати раиси ўринбосари лавозимига Сергей Семочко ноқонуний равишда тайинланган.
Бу айблов ортидан Порошенко 7 йилдан 10 йилгача қамалиши мумкин. Айни пайтда Порошенкога нисбатан 21та жиноят иши қўзғатилган.
10 июнь куни Порошенко Украинадан машҳур рассомларнинг 43та асари ноқонуний олиб чиқиб кетилгани юзасидан очилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.
Тергов бюроси биноси олдида бу пайтда Порошенконинг тарафдорлари тўпланиб, амалдаги президент Володимир Зеленскийга чизилган карикатураларни кўтариб туришди. Порошенко эса унга нисбатан жиноят ишлари Зеленскийнинг шахсий кўрсатмаси билан очилганини билдирди. Порошенкога кўра, янги президент уни сиёсий таъқиб остига олмоқда.