Коронавирусга чалинганлар сони 4700 нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 11 июнь соат 16:30 ҳолатига кўра, 4717 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.

Вазирлик вакилларига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 10 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 4 нафари Тошкент шаҳрида (3 нафари аҳоли орасида, 1 нафари хориждан келиб, карантинга олинган), 3 нафари Сирдарё вилоятида, яна 3 нафари Тошкент вилоятида ҳамда қолган 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида Россиядан чегара маскани орқали мамлакатга кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида қайд этилган.

Аввалроқ ССВ сўнгги кунларда Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олган ватандошлар сони кескин ошиб бораётганидан хавотир билдирган ва аҳоли орасида хасталикка чалиниш ҳолатлари кўпайганига алоҳида эътибор қаратган.

Бу орада мамлакатда коронавирусдан соғайганлар сони 3611 нафарга етган. 19 киши эса инфекция юқтириб олгани ортидан оламдан ўтган.