Хоразмдаги “самосуд” ҳодисаси бўйича жиноят иши қўзғатилди

Қўшкўпирдаги "самосуд" видеосидан скриншот.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида содир этилган “самосуд” юзасидан “Безорилик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2020 йил 11 июнь куни ижтимоий тармоқларда бир аёлни бир гуруҳ аёллар калтаклагани акс этган видеолавҳа тарқатилгани ортидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари мазкур ҳодисанинг 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси Қўшкўпир туманида содир бўлганини аниқлаганлар.

Айтилишича, жабрланувчининг ўша куни ҳудуд профилактика инспекторига қилган мурожаати асосида ҳодиса ИИБ навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайдга олиниб, суриштирув ишлари бошланган. Ҳолатга алоқадор барча кишиларнинг шахси аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИБ хабарномасида.