Россиянинг Брянск шаҳрида "Яндекс.Такси" ҳайдовчиси конголик талабани манзилига элтиб қўйишдан бош тортгани акс этган этган видео ижтимоий тармоқда тарқалди. Ўзи олган видеода талаба "ирқчимисиз?" деб сўраганида ҳайдовчи "албатта!" деб жавоб қилади.
Бу воқеадан бир неча соат ўтиб "Яндекс.Такси" ўз ҳайдовчиси билан шартномани бекор қилганини эълон қилди.
Ширкат ўз ишчилари ва ҳамкорлари ирқчилик қилишига ва мижозларга қўпол муомала қилишга йўл қўймаслигини билдирди.
"Яндекс.Такси"нинг бу қарори олқишланди, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳайдовчини қоралади.
Аммо кўп сонли россияликлар ҳайдовчининг ишдан олинганини этник русларга қарши дискриминация дея таърифлаб чиқди, "Яндекс.Такси" ширкатини қоралади.
Twitter ва YouTubeда юзлаб россиялик фойдаланувчи ҳайдовчи мижоз танлашга ҳақли эканлигини иддао қилиб, унинг ишдан ҳайдалгани Ғарбдан импорт қилинган "сиёсий тўғрилик" оқибати эканлигини ёзишди.
Айрим фойдаланувчилар "Яндекс.Такси"ни иқтисодий бўҳрон давомида ҳайдовчини ишдан бўшатгани учун танқид қилди.
Бошқалари эса ширкат учун ишлайдиган марказий осиёлик ҳайдовчилар ҳам ўзини ёмон тутишини иддао қилди.
Ҳатто ҳайдовчи қайта ишга олиниши талаб қилинган онлайн шикоят яратилди, аммо кўп ўтмай у бекор қилинди.
Брянскдаги ҳолат жаҳон бўйлаб афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлими ортидан бошланиб кетиб, қарийб икки ҳафта давом этган норозилик намойишлари фонида содир бўлди.
Флойднинг оқ танли полициячи томонидан 25 майда ўлдирилиши нафақат АҚШда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Қўшма Штатларнинг асосий иттифоқчилари бўлган Европа Иттифоқига аъзо давлатларда кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлди.
Брянскдаги ҳайдовчи ёнини олиб ёзилган постлар муаллифлари АҚШда содир бўлган талон-торож, ўғрилик ҳамда полиция билан тўқнашувлар "прогрессивлик"нинг оқибатлари ҳақидаги огоҳлантириш эканлигини иддао қилишди.
АҚШдаги намойишлар бўйича ўз фикрини билдирган кўплаб россиялик таниқли шахс танқидга учради.
Хусусан, россиялик сиёсий журналист ва публицист Twitterда дўкондан молларни ўғирлаб чиққан қора танли шахс сурати остига Martin Looter King – Мартин ўғри Кинг деб ёзилган расмни улашди.
Пости кескин қораланган журналист қилган ишини рус радиоканалига берган интервьюсида ҳимоя қилди:
- Ғарбда содир бўлаётган нарсалар Россияга ҳам таҳдид солиш-солмаслиги ҳақида сўзлашдик. Чиндан ҳам бизнинг афророссияликларимиз (бизнинг ҳолатда энг аввало бу марказий осиёликлар, балки кавказликлар бўлади) ГУМ деразаларини синдираётганини тасаввур қилиш мумкин, - деди Кашин.
Россиядаги консерватив нашрлар ҳамда ўнг қанот шарҳловчилар "толерантлик" ва "либерализм" атамаларини тез-тез масхаралаб туради.
Уларнинг иддао қилишича, бу икки тушунча Ғарб давлатлар анъанавий қадриятлардан воз кечишига сабаб бўлди.
Сиёсий таҳлилчи Фёдор Крашенинников Брянскда содир бўлган ҳодиса ҳақида: "Ғарбда қаршиликка учраган нарса Россия учун яхшидек. Шу аснода, Ғарбда ирқчиликка қарши руҳият кузатилса, кўп ҳолатларда Россияда ирқчи ўлароқ танилиш ва одамлар сени толерантликда шуба қилмасликлари учун курашиш афзал кўрилади",деб ёзди.