Спорт йўналиши бўйича олий таълим муддати президент қарори билан оптималлаштириладиган бўлди.
13 юнь куни “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан “Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)” бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.
Шунингдек, шу ҳужжатга асосан, 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон олий таълим муассасалари кундузги бўлимига 103 575 нафар талаба қабул қилинадиган бўлди.
Олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимларига 31 350 нафар, кечки бўлимларига 5 025 нафар талаба қабул қилинади.
Магистратурага эса 10 425 нафар талаба қабул қилиниши режаланган.
Қарорга кўра, абитуриентлар 20 июндан 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) қабул учун ҳужжат топширади.
Шунингдек, 2020−2021 ўқув йили учун истисно тариқасида қабул тест синовлари мажбурий фанларсиз, 2 та мутахассислик фанларидан ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Қабул жараёнининг эса абитуриентлар уйдан чиқмаган ҳолда - онлайн ташкил этилиши кутилмоқда.
Тест синовлари ўтказиладиган биноларда ҳар бир абитуриент учун камида 3 кв.м жой ажратилади, уларнинг ниқоб, қўлқоп билан тестда иштирок этиши таъминланади.