Юлдуз Усмонова “руҳий зўриқиш ҳолатида” бўлгани учун маъмурий жавобгарликдан озод этилди

Юлдуз Усмонова ўз уйининг олдида Сардоба фожиасида жабр кўрганлар учун ёрдам йиғиш акциясини ўтказган эди

Халқ артисти Юлдуз Усмоновага нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш, унинг “руҳий зўриқиш ҳолатида” бўлгани ва “ёшларда ватанпарварлик руҳини тарбиялашдаги хизматлари” инобатга олинган ҳолда, тўхтатилди. Бу ҳақда “Қалампир” нашрига интеврью берган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилди.

Унга кўра, Юлдуз Усмонова ўз тушунтиришида Сардоба тўғони ўпирилиши ортидан юз берган тошқинда уйсиз қолганларга инсонпарварлик ёрдами йиғиш ва жўнатиш жараёнида уч кун ухламаган. Усмонованинг асаблари чарчаб, руҳий зўриқиш ҳолатида бўлган.

Бундан ташқари Юлдуз Усмонова ички ишлар ходимларига ҳеч қандай адовати йўқлигини, улардан, уларнинг ота-оналари ва оилаларидан узр сўрашга тайёрлигини айтган.

“Юлдуз Усмонова халқ артисти. У ҳалқнинг ҳурматига сазовор бўлган одам. Бундан ташқари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялайдиган қўшиқларни кўп куйлаган. Шуларни инобатга олиб, у ҳақиқатан ҳам руҳий зўриқиш ҳолатида бўлганини инобатга олиб, унга нисбатан қўзғатилган маъмурий иш тўхтатилди”, - деди Шоҳруҳ Ғиёсов.

Юлдуз Усмонова 3 май куни Instagram’да жонли эфирда ички ишлар ходимларини ишламаётганга чиқариб, “падарлаънати бўлдиларинг”, деган эди. Бунинг ортидан ИИВ кескин баёнот билан чиқди. 5 май куни Олий суд Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракати маъмурий судда кўрилишини маълум қилган эди. Суд нега ҳалигача бўлиб ўтмагани шу кунгача расман очиқланмаганди.