Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Андижонда ички ишлар ходимлари томонидан 30 май куни 32 ёшли А. Абдукаримов қийноққа солинганини “қатъий қоралайди”. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати 15 июнда маълум қилди.
“Марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Масъул вазирлик ва ташкилотлардан келажакда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аниқ чоралар кўрилишини талаб қиламиз”, - дейилади расмий баёнотда.
Таъкидланишича, А. Абдукаримов қийноққа солингани ортидан ўлгани тўғрисидаги хабарлар интернетда тарқалиши биланоқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Бош прокурор Н.Т. Йўлдошевга, Ички ишлар вазири П.Р. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилган.
“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган. Биз адолат тўлиқ қарор топишини, бундай фожиалар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз”, - дейилади баёнотда.
Аввалроқ Бош прокуратура ва кейинроқ Ички ишлар вазирлиги Андижонда бу воқеа ортидан ички ишларнинг уч ходими қамоққа олингани, беш ходим ишдан бўшатилгани ва 19 ходимга интизомий жазо берилганини билдирган.
Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли А.Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.