Ўзбекистон ҳукумати номидан ва давлат кафолати остида жалб қилинган қарз қолдиғи дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 18 миллиард 200 миллион АҚШ доллари эквивалентини ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 31,3 фоизни ташкил этган.
Бундан ҳукумат номидан жалб қилинган ташқи қарз - 10,9 млрд. АҚШ доллари, ҳукумат кафолатлаган ташқи қарз – 5,2 млрд. АҚШ доллари. Бу ҳақда Молия вазирлиги 15 июнь куни ёйинлаган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси шарҳи”да айтилган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг илк чораги ҳолатига кўра, давлат ички қарзи 20,01 трлн. сўмни (2,1 млрд. АҚШ доллари) ёки ЯИМга нисбатан 3,6 фоизни ташкил этган.
Бундан ҳукумат номидан жалб қилинган ички қарз – 1,7 трлн. сўм (0,2 млрд. АҚШ доллари), ҳукумат кафолатлаган ички қарз – 18,3 трлн. сўм (1,9 млрд. АҚШ доллари).
Қиёс учун, 2016 йили Ўзбекистонда давлат қарзи 9,5 миллиард АҚШ долларини ёки ЯИМга нисбатан 11,6 фоизини ташкил этган.