Карантинга қарамай Россияга мева-сабзавот экспорти 42 фоизга кўпайди

Россияга экспорт қилинган мева-сабзавотларнинг 19,3 фоизини помидор ташкил қилади.

Пандемия ва карантинга қарамай, жорий йилнинг тўрт ойи мобайнида Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот экспорти 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 42 фоизга кўпайди. Бу ҳақда мева-сабзавот бозорини ўрганишга ихтисослашган EastFruit портали хабар берди.

Айтилишича, январь ойидан апрелгача Ўзбекистондан Россияга 25 миллион 600 минг долларлик мева сабзавот экспорт қилинди ва бу янги рекорд ҳисобланади.

Россияга экспорт қилинган мева-сабзавотларнинг 19,3 фоизи помидор, 13,8 фоизи карам ва 8 фоизи лимон.

Ўзбекистондан Россияга лимон экспорти 2019 йилнинг шу даврига солиштирганда 2,5 баробарга кўпайган.

Порталнинг билдиришича, Ўзбекистон январь-март ойларида Россияга карам экспорти бўйича Хитойдан кейинги иккинчи ўринни, лимон экспорти бўйича Туркия, Марокаш ва Мисрдан кейинги тўртинчи ўринни эгаллади.