Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Наманган вилоятининг Поп туманида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётганига оид маълумотлар текширилгани ҳамда бунга оид фактлар аниқланмаганини билдирди.
Вазирлик текширувига ижтимоий тармоқларда жорий йил 30 май – 7 июнь кунлари Попда тахминан 14-16 ёшли боланинг пахта даласида юргани ҳақида тарқатилаётган маълумот сабаб бўлган.
Наманган вилоятида мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланмаганини очиқлаган вазирлик, текширув натижаларига кўра, мактабларда карантин вақтида болаларнинг вақтини самарали ўтказиш ва уйда таълим олиш, эҳтиётлик чоралари ва соғлиқни сақлаш бўйича тавсиявий тушунтириш ишлари олиб борилганини қайд этади.
Хабарномада айтилишича, мурожаатдаги масалаларни таҳлил қилиш учун Поп туманидаги масъуллардан бир қанчаси билан суҳбатлашилган, суҳбат асносида улар ўз ҳудудларида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаётганлигини билдиришган.
“Боланинг далада пайдо бўлиш ҳолати тафсилотларини ўрганиш натижасида бола “Жавлонбек-Жанона-Жўрабек”, “Абдурауф Поп Чодак”, “Шохзамон Пунгон”, “Саидислом Хожиакбар келажак”, “Поп Ғолиб Камол”, “Ғайрат Чодак Поп” фермерлик хўжаликларининг ёлланма ишчилари ҳисобланган ота-онаси ортидан эргашганлиги аниқланди. У далага ўз ихтиёри билан келган, ҳозирги карантин чекловлари даврида ўқишнинг йўқлиги ва болани банд қилишнинг бошқа чоралари мавжуд бўлмаганлиги сабабли ота-онаси уни ўзлари билан олиб кетишга рози бўлганлар. Болани меҳнатга мажбурий жалб қилиш ҳолати бўлмаган”, дейилади Меҳнат вазирлиги хабарномасида.
Вазирлик Ўзбекистон қонунчилигида мажбурий меҳнатнинг хар қандай шакли тақиқланган бўлиб, унга йўл қўйилмаслиги, шуни инобатга олиб, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгаришлар асосида маъмурий жавобгарлик чоралари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача кўпайтирилиб (11 млн – 22 млн сўмгача), 2020 йилдан бошлаб озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам кўзда тутувчи жиноий жавобгарлик чоралари белгиланганини эслатган.