Ўзбекистонда ички туризм соҳасида 200 мингдан зиёд аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Шунингдек, туризмга хизмат қилувчи умумий овқатланиш, транспорт, чакана савдо каби йўлдош тармоқларда яна кўплаб иш жойлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни хизмат кўрсатиш ва ички туризм соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтган.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда Ш. Мирзиёев туризм соҳасида аҳолини иш билан таъминлаш учун мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида имконият ҳам, саёҳатчилар диққатига сазовор жойлар ҳам етарли экани қайд этган.
Президент Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидаги сайёҳлик имкониятларидан ҳам тўла фойдаланилмаётганига эътибор қаратган. Унга кўра, “халқ орасида уларни билмайдиганлар, кўрмаганлар ҳали кўп”.
Мирзиёев Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар билан бирга янги ички туризм маршрутлари очиш, кўчма дам олиш масканларини кўпайтириш, тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини тараққий эттириш бўйича кўрсатмалар берган.
Ҳокимлар ва сектор раҳбарларига эса сайёҳлар борадиган барча объектлар, меҳмонхона ва овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш юклатилган.