Жорий йил 24 июнида бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида иштирок этиш учун 12 мамлакатдан ҳарбийлар Москвага етиб борган, улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Бу ҳақда парадда қўмондонлик қиладиган россиялик генерал Олег Салюков маълум қилган.
“Бизнинг ўлкага ўн икки мамлакат – Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой Халқ Республикаси, Молдова, Мўғулистон, Сербия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан ҳарбийлар етиб келди”, деган Олег Салюков “Красная звезда” нашрига берган суҳбатида.
Генерал Москвага етиб борган ҳарбийларнинг кўпи Алабинодаги парад майдончасида 15 июнь куни бўлиб ўтган машқда иштирок этганини қўшимча қилган.
“Қизил майдон”даги тадбирда 13 мингдан зиёд ҳарбий иштирок этиши кутилмоқда.
Россия пойтахтида ҳар йили 9 май куни ўтказиладиган Ғалаба паради бу йил коронавирус пандемияси туфайли 24 июнга кўчирилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.
Расмий маълумотларга кўра, Россияда шу кунда коронавирусга чалинганлар сони 550 минг нафардан ошган, қурбонлар сони эса 7,5 минг нафарга яқинлашган. Хасталанганларнинг қарийб 210 минг нафари пойтахт Москва ҳиссасига тўғри келади. Беморларнинг 128 минг нафардан кўпроғи соғайгани айтилмоқда.