Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналарнинг инвестициявий жозибадорлигини таъминлаш учун сотишдан олдин тайёргарлик ишларини амалга ошириш ва салоҳиятли инвесторларга сотиш орқали хусусийлаштиришнинг муваффақиятли натижаларини таъминлаш бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида акциядорлик жамияти шаклида UzAssets инвестиция компанияси ташкил этилган.
Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, UzAssets тузилишига Вазирлар Маҳкамасининг “Хусусийлаштириш жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (2020 йил, 15 июнь) асос бўлган.
Қарорга мувофиқ, “UzAssets” инвестиция компаниясининг асосий вазифалари белгиланган бўлиб, улар қуйидагиларда акс этади:
- бошқарувга берилган давлат улушига эга корхоналарни сотишдан олдин тайёрлаш, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, бу борада самарали механизмларни жорий этиш бўйича хорижий, халқаро институтлар ва компаниялар билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш;
- корхоналар фаолиятини комплекс таҳлил килиш (due diligence), “бенчмаркинг” усулида таққослаш орқали ривожланиш прогноз кўрсаткичларини белгилаш;
- корхоналарнинг даромадлилик нормасини халқаро амалиётдаги мезонлар IRR, NPV, EBITDA ва бошқалар асосида таҳлил қилиш;
- устав капиталига берилган акция пакетларини (улушларини) самарали бошқариш, корхоналарни ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош корхоналарга айлантириш;
- салоҳиятли инвесторларнинг рўйхатини шакллантириш;
- инвестиция воситачиларини жалб этган ҳолда, “Road Show” дастурларини ишлаб чиқиш ва мақсадли аудиториялар учун тақдимотлар ўтказиб борилишини ташкил этиш;
- иқтисодиёт тармоқларини узоқ муддатли ривожлантириш мақсадларидан келиб чиқиб, устав капиталига берилган активларни сотиш орқали барқарор ва муваффақиятли хусусийлаштиришни таъминлаш.
Norma ахборот-ҳуқуқий портали маълумотига кўра, UzAssets инвестиция компаниясининг устав фонди Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси ҳисобидан 20 млрд сўм миқдоридаги пул маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Шунингдек, у “Кварц” АЖ, “Қизилқумцемент”, “Урганчшароб” АЖ, “Ўзбекистон шампани” АЖ, “Ўзгеорангмет ЛИТИ” ДУК, “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК; “Денов вино-ароқ” АЖ, “Кафолат суғурта компанияси” АЖ, “Олмазор кичик саноат зонаси” АЖ ва “Шаҳрисабз юлдузи” ДУК каби 10 та корхонанинг номинал қийматдаги давлат акция пакетлари ҳисобига шакллантирилади.
Хусусийлаштириладиган корхоналарнинг акция пакетлари (улушлари) кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида UzAssets инвестиция компаниясига ўтказилади.