Жорий йилнинг 1 апрелидан то шу кунгача ўтган 70 кун ичида Тошкент шаҳрида 12 779та, Тошкент вилоятида 2052та, жами 14 851та уй-жой олди-сотдиси қайд этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Таъкидланишича, уй-жой олди-сотдиси билан боғлиқ шартномаларнинг 70 фоизи вилоятдан келганлар иштирокида тузилган. Президентнинг прописка тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги фармонига асосан 2020 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискаси бўлмаган фуқаролар ҳам кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқи берилган эди.
“20 йилдан ортиқ амалда бўлган, Тошкентдан уй сотиб олишдаги тўсиқларнинг олиб ташланиши фуқароларнинг уй-жойга эга бўлишида юзага келган турли муаммоларини ҳам барҳам топишига хизмат қилди. Хусусан, кўплаб фуқаролар уйни Тошкентда пропискаси бўлган таниши номига расмийлаштириб, кейин “ўз уйида ижарачи” бўлиб яшашга мажбур бўлганлиги ҳам сир эмас. Фармон қабул қилиниши билан яратилган имкониятдан биринчи навбатда шундай фуқаролар фойдаланиб, уйларини ўз номига расмийлаштиришди”, - дейилади хабарда.