Жорий йилнинг 1 июлидан Тожикистондан БААнинг Дубай шаҳри ва Ўзбекистонга халқаро авиақатнов тикланади. Бу ҳақда хабар қилган “Ховар” агентлигига кўра, мазкур қарор COVID-19 ёйилишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан олинган.
Қайд этилишича, Ўзбекистонга учаётган ва учиб келаётган йўловчиларнинг барчасидан саломатлиги тўғрисидаги тиббий маълумотнома талаб этилади.
Маълумотларга кўра, Тожикистон фуқаро авиацияси агентлигига Россия, Туркия ва Хитой йўналишлари бўйлаб парвозлар ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, ўз хулоса ва таклифларини Республика штабига тақдим этиш топширилган.
Тошкент билан Душанбе ўртасидаги мунтазам авиақатнов Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилиши ортидан 16 мартдан тўхтатилган эди.
Икки ҳафта муқаддам ўзбек расмийлари Тожикистонга Душанбе билан авиақатновни 1 июлдан тикламоқчи эканлари ҳақида билдирув хати йўллаган эдилар.