2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан бор-йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган. Бу ҳақда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг 17 июнь куни видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган мажлисида қайд этилган.
Сенат матбуот хизмати маълумотига кўра, мажлисда одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилган.
Тадбир чоғида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ишлар ҳам санаб ўтилган.
Айни пайтда 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам урғуланган. Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етганига эътибор қаратилган.