Қашқадарё вилоятининг Муборак ва Косон туманидаги деҳқон бозорлари карантин тартибига амал қилмагани сабабли ёпилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зоир Мирзаев 18 июнда бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда, шунингдек, вилоят ҳокими Қарши шаҳри, Миришкор, Шаҳрисабз, Чироқчи, Касби, Нишон ва Қамаши туманидаги бозорлар фаолиятидан қониқмаганини айтган.
Вилоятда дастлаб 6 нафар фуқарода вирус аниқланган эди. Улар соғайиб, уйларига қайтгач, Қашқадарё “Яшил” ҳудудга айланган.
Бироқ 5-18 июнь кунлари вилоятда яна 160 нафар фуқарода коноравирус инфекцияси борлиги тасдиқланган. Уларнинг 94 нафари Қозоғистон, 6 нафари Туркия ва 60 нафари Ўзбекистон фуқаросидир.
Ўзбекистонда 16 июнь куни 230 кишида коронавирус аниқланганди. Улардан 104 нафари Қашқадарёда аниқланган. Вилоятда бугунги кунда коронавирусга чалинганлар 167 нафарга етган бўлиб, 6 нафари соғайиб чиққан.