Германия Федерал прокуратураси 18 июнь куни собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда гумонланган шахсга айблов билдирди.
Расмий баёнотда айтилишича, қотилликда айбланаётган Россия фуқароси бу ишни Россия ҳукумати таркибидаги ташкилотлардан бирининг буйруғи асосида амалга оширган.
Келиб чиқиши грузиялик бўлган Хангошвили ўтган йилнинг 23 августида ўлдириб кетилган эди. Уни ўлдирганликда гумонланган шахс воқеа жойида қўлга олинган. Мазкур қотиллик Москва ва Берлин ўртасидаги муносабатларни кескинлаштирди. 2019 йилнинг декабрида Германия Россиянинг икки дипломатини мамлакатдан бадарға қилди.
Расмий баёнотда қотилликда айбланаётган шахс Вадим К., экани айтилмоқда. Унинг Вадим С., номига ҳам паспорти бўлган. Унга Зелимхон Хангошвилини ўлдиришга “Россия ҳукумати марказий органларидан бири” 2019 йилнинг июлида буйруқ берган.
Хангошвили Чеченистонда Россияга қарши курашган гуруҳлардан бирига раҳбарлик қилган. 2008 йилда эса Россия-Грузия урушида кўнгиллилардан отряд ташкил этиб, Россия қўшинларига қарши жанг қилган.
Россия ҳукумати Хангошвилининг ўлдирилишига алоқадор эканини рад этиб келади. Россия президенти Владимир Путин Хангошвили Москва метросидаги портлашга алоқадор эканини билдирган.