"Сардоба тошқинида 70 млн сўмлик зарар кўрдим. Давлат 20 млн сўмгина бермоқчи"

Жаҳонгир Бекбўтаевнинг уйи бузилаётган пайт олинган сурат.

Сирдарё вилоят, Сардоба туман, Дўстлик маҳалласида яшовчи 30 яшар Жаҳонгир Бекбўтаев OzodMikrofonга мурожаат қилиб, тошқиндан зарар кўрганларга ажратилган ёрдам пулини ололмаганига норозилик билдирди.

Расмий маълумотга кўра, Сардоба тошқинида жабрланган Сирдарё вилоятидаги жами 4 025 оилага президент кўрсатмасига асосан 40 миллион сўмдан моддий ёрдам берилиши керак эди. Бундан ташқари яна 1 818 та фуқарога ҳам шу миқдорда моддий ёрдам берилиши айтилган.

Бироқ уйи бузилганлар рўйхатида бўлган Жаҳонгир Бекбўтаев бу пулни олмаганини айтади:

- 40 миллион сўмни олмаганлар норозилик билдиргандик. Яқинда ёпиқ мажлис қилиб, “20 миллион сўмдан берамиз” деди. Лекин бу ҳали фақат ваъда. Берадими, йўқми, уни ҳам билмаяпмиз. Икки қаватли бинода яшардик. Иккинчи қаватда 3 хона бор эди. Кейин пастда икки хонани ўзим қуриб олгандим. Тўғри бу 2 хонага ҳали ҳужжат қилмагандим. Жами 10 киши яшардик. Турмушидан ажралган икки опам, укам ва мен ҳамда болаларимиз. Тошқин оқибатида пастки икки хонадаги ҳамма нарсаларимиз оқиб кетди. 15 миллион сўм нақд пулимни ҳам олишга улгурмадим. Битта сигиримиз бор эди, у ҳам тошқинда оқиб кетган. Жами 70 миллион сўм зарар кўрдим. Лекин менга фақат “20 миллион сўм берамиз” деяпти. Мен норозилик билдиряпман. Сабаби ҳукумат ажратган 40 миллион сўмни таниш-билиш қилиб бўлиб олишди. Битта оиладан 2 киши, 3 кишидан ҳам оляпти. Ҳаммасининг исм-фамилияси бор керак бўлса. Нега ҳақиқатда зарар кўрган менга ёрдам пулининг фақат ярмини беришмоқчи?

Жаҳонгир Бекбўтаев билан суҳбатни қуйида тўлиқ тингланг:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Жаҳонгир Бекбўтаев билан суҳбат

Жаҳонгир Бекбўтаев яшаган уйнинг бузиб ташланаётган пайти:

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйлардан бири

-----------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!