Сиёсий рақибини қаматган Беларус президенти тўнтариш олди олинганини иддао қилди

Беларус президенти Александр Лукашенка президентлик сайловида рақиби бўлиши кутилаётган, кўпчилик қўлловига эга Виктар Бабарика қўлга олинганидан бир кун ўтиб, мамлакатда тўнтариш уриниши олди олинганини иддао қилди.

19 июнь куни Лукашенка «Шарқ ва Ғарбдаги кучлар Беларусни беқарорлаштиришга уринаётганини», уларнинг «ниқоби очилганини» таъкидлади.

Россиянинг «Газпром» ширкати ва «Газпромбанк»ига тегишли «Белгазпромбанк»нинг 20 йиллик етакчиси Бабарика молиявий жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинди.

Бабариканинг сайлов кампаниясига етакчилик қилиб келаётган ўғли ҳам қўлга олинди.

15 июнь куни Беларус расмийлари банк бошқаруви, унинг ўндан ошиқ ишчисини хам қўлга олди.

19 июнь куни Европа Иттифоқи Беларусни зудлик билан Бабарика ва унинг ўғлини қўйиб юборишга ва қонун устуворлигини таъминлашга чақирди.

Беларусда президентлик сайлови 9 августда ўтказилади. Амалдаги президент Лукашенка ўз номзодини олтинчи марта кўрсатмоқда.