Кремль: Москванинг қўшни давлатларга ҳудудий эътирози йўқ

“Қрим ҳар доим бизники бўлган, ҳатто юридик нуқтаи назардан ҳам”, -деди Путин.

Кремль президент Владимир Путиннинг “собиқ Совет республикалари Россия ерларини ўзлаштириб олгани” тўғрисидаги баёноти “қўшни давлатларга Москванинг ҳудудий иддаолари борлигини англатмайди”, деб билдирди.

“Россиянинг қўшни давлатларга ҳудудий эътирозлари мавжуд эмас”,-деди 22 июнь куни матбуот анжуманида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия президенти Владимир Путин "Россия 1" телеканалида 21 июнда ўтган навбатдаги "Москва. Путин. Кремль" кўрсатувида собиқ Совет республикаларини Россия ерларини ўзлаштириб олганликда айблаган эди.

Путинга кўра, Совет Иттифоқи тузилаётган пайда унинг таркибига қўшилган республикалар “Россияга тегишли катта ерларни” ва “анъанавий тарзда Россия ҳудуди ҳисобланган жойларни олган”.

Шу билан бир қаторда, Путин Қримнинг 2014 йилда Россияга қўшиб олинишини “яриморол аҳолисининг демократик танлови” сифатида баҳолади.

“Қрим ҳар доим бизники бўлган, ҳатто юридик нуқтаи назардан ҳам”, -деди Путин.