Ҳужжат: Озодлик мақоласидан кейин маҳбусни “уставга зид” сўроқ қилган Қувасой ИИБ терговчиси ишдан олинди¸ 4 нафар зобит жазоланди

Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар ходимлари томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш ҳолатлари кўплигини тан олган ва қийноқларга қарши чора кўришга оид фармон ҳам чиқарган.

Фарғона вилоят ИИБ махсус гуруҳи от ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинган 25 яшар Мирзоҳид Йўлдошевнинг Қувасой шаҳар Ички ишлар бўлимида қийноққа солингани иддаоси юзасидан хизмат суриштируви ўтказди.

Жараëндан бевосита хабардор ИИВ мулозимининг Озодликка айтишича¸ суриштирув жорий йилнинг 11 майидан 20 майгача давом этган.

Хизмат суриштируви ўтказилгани ҳақидаги маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати тасдиқлади.

Ички хизмат суриштируви хулосаси

Фарғона вилоят прокуратурасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми сир қолишини истаган мулозими текширув натижаларига оид ҳужжатни Озодликка тақдим этди. (Ҳужжат¸ мулозим сўрови билан эълон қилинмаëтир -таҳр.) Ҳужжатга тўққиз нафар ИИБ раҳбар ходими имзо қўйган.

Ҳужжатни Фарғона вилоят ИИБ ЖҚБ бошлиғининг кадрлар бўйича ëрдамчиси, подполковник Ўрунов¸ вилоят ИИБ Тергов бошқармаси ТФМ ва ИБ терговчиси, катта лейтенант Мирзатиллаев¸ ИИБ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлимнинг ЎМИБ тезкор вакили, подполковник Хидиров ва вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Адhамов имзолаган.

Ҳужжатда ëзилишича¸ Қувасой ИИБ ходимлари от ўғирлаганликда гумонланган 25 яшар Мирзоҳид Йўлдошевни қўлга олиш ва сўроқ қилиш пайтида “ички ишлар ходимларининг интизом уставини қўпол тарзда бузган”; “устав бузилгани оқибатида ИИБ ходимлари ҳақида аҳоли орасида салбий фикр шаклланган ва ИИБ обрўсига путур етган”.

Шундан келиб чиқиб¸ ИИВнинг “Ички ишлар органлари ходимларининг одоб-аxлоқи тўғрисидаги” 82- сонли буйруқнинг 48-банди талабларини бузганлиги учун Қувасой шаҳар ИИБ 3-сон Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили¸ майор Эргашев Фурқат Умаралиевич эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган”.

Ҳужжатда ëзилишича¸ “Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниев қўл остидаги ходимлари устидан назоратни сусайтириб юборгани ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш юзасидан ўқув машғулотлари ташкил этмагани оқибатида юқорида кўрсатилган салбий ҳолат (Мирзоҳид Йўлдошевни сўроқ қилиш пайтида устав бузилиши – таҳр.) келиб чиққани боис¸ “қаттиқ огоҳлантирилган”.

Ҳужжатда яна бу аҳвол такрорланса¸ “Ғаниевнинг жиддий жазога тортилиши” уқтирилган. Элëр Ғаниев Фарғона вилоятининг сўконғичлиги билан танилган ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг жиянидир.

Мавзуга алоқадор Мирзиëев Ғаниев ҳақида: Вилоят ҳокимига баҳони ман бераман¸бошқа ҳеч ким баҳо беришга ҳаққи йўқ Ўзбекистонда! (АУДИО)

Шу билан бирга Қувасой шаҳар ИИБ терговчиси капитан Ҳусниддин Аҳмаджоновга “қаттиқ ҳайфсан”¸ айни идора тергов бўлими бошлиғи майор Икромжон Ниëзовга “танбеҳ” интизомий чораси берилган.

Ҳужжатдан яна бир иқтибос:

Ички ишлар органлари интизом Устави” ҳамда ИИВнинг 2016 йил 30 майдаги “Ички ишлар ходимларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 82-сонли буйруқ талабларини бажармагани учун Қувасой ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари¸ подполковник Мирзаев Баҳодирга “қаттиқ ҳайфсан” интизомий чораси эълон қилинсин".

Хизмат текшируви давомида Йўлдошевни ҳибсга олиш ва тергов қилишда қатнашган ходимлар билан суҳбат қилинган ва Қувасой шаҳар ИИБ барча ходимлари иштирокида мажлис ўтказилган.

Бу ҳақда Озодликка Фарғона ИИБнинг майор рутбасидаги ходими¸ Фарғона вилоят прокуратураси ходими ва Омбудсман идорасига яқин мулозим маълум қилди.

Бу мулозимларнинг бир-биридан мустақил тарзда билдиришича¸ Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан от ўғрилигида гумонланган Йўлдошевнинг ҳибсга олиниб¸ сўроқ қилинишида процедура қоидалари жиддий бузилган.

Айни пайтда¸ махсус комиссиянинг «салбий ҳолат» деган устав бузилиши айнан нима экани¸ маҳбус калтакландими ëки йўқми деган саволга жавоб берган-бермагани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Озодликда Фарғона вилоят ИИБ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлимининг ЎМИБ тезкор вакили подполковник Хидиров ўтказган суҳбат матнлари бор.

Бу матнларга илова қилинган тушунтириш хатларида Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари «тергов процедурасини бузганлигини» эътироф қилишган ва кўпроқ «от ўғрисининг изига қандай тушгани» ҳақидаги тафсилотларга чалғишган.

Озодлик тасарруфида хизмат суриштируви пайтида маҳбус Йўлдошевнинг Қувасой ИИБ биносида калтакланганлигини тасдиқлаган ИИБ ходими аудиоси бор. Овозли ëзувда ИИБ ходими «Ҳа калтаклашди¸ видеога ҳам олинган"¸ дейди .

Бу овозли парчадан «уставга зид салбий ҳолат» дея малакаланган эпизоднинг маҳбусни калтаклаш бўлгани тушунилади.

Нима бўлган эди?

Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодликка билдиришича¸ 4 май куни Йўлдошевнинг синглиси Дилдора Йўлдошева акасини ўғриликда гумон қилиб калтаклаган ИИБ ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраб¸ прокуратуранинг ишонч телефонига қўнғироқ қилган.

Бу маълумотни 12 май куни Gazeta.uz нашри ҳам Бош прокуратурага таяниб эълон қилган эди.

Прокуратура ушбу мурожаатни 5 май куни рўйхатга олиш китобига қайд этилган. Текшириш давомида фуқаро З.Юлдашевнинг танасида тан-жароҳатлари бор-йўқлигига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Фарғона филиалига суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Шунингдек, ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари бўйича хизмат текшируви тайинлаш ҳақида Фарғона вилоят ИИБга тақдимнома киритилган”¸ дейилади Gazeta.uz мақоласида.

Фарғона вилоят прокуратураси мулозимининг Озодликка айтишича¸ қийноқ иддаоси борасидаги текширувни Фарғона вилояти Суд-тиббий экспертизаси бюроси бошлиғининг ўринбосари Боқижон Сиддиқов ўтказган.

Прокуратура сўрови билан ўтказилган хизмат текширувига сабаб бўлган «мурожаат» тегишли тартибда «Жиноятлар ҳақидаги ариза ва хабарларни рўйхатга олиш Шакл 2 (Форма 2-таҳр.) китоби»да қайд қилинган.

Шакл 2 китобидаги чалкаш хабар қандай пайдо бўлди?

Озодлик прокуратурага шикоят қилган Дилдора Йўлдошевага жуда яқин манба билан гаплашди.

Фарғона вилоят ИИБ тазйиқидан қўрқиб исмини айтишни истамаган суҳбатдошга кўра¸ 4 май куни маҳбус Мирзоҳид Йўлдошев ИИБ терговхонасидан туман шифохонасига олиб келинган.

Маҳбусни аввалига ИИБ биносида доктор Улуғбек Ортиқов кўздан кечирган.

Манбанинг айтишича¸ Дилдора Йўлдошева акасини кўриш учун касалхонага келган. Йўлдошевани ичкарига киритишмаган ва кимдир унга “аканг ўлди” дея айтган. Шундан кейин шок ҳолатида бўлган Дилдора Йўлдошева прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилиб¸ “акамни қийнаб ўлдиришди” деб шикоят аризаси берган.

Бу чалкаш хабар прокуратурада расмийлаштирилиб¸ Қувасой ИИБ Шакл 2 китобида ҳам қайд қилинган.

Бу китобдаги ëзувни кўрган Қувасой ИИБ ходими 6 май куни бу ҳақда Озодликка хабар берди.

Мирзоҳид Йўлдошев ҳақидаги дастлабки хабарни Озодлик 11 май куни вилоят ИИБ сидаги мулозимга таяниб ёзган эди.

Бу мулозим «Қувасой ИИбдаги Шакл 2 китобида Йўлдошевнинг калтакланганлиги ва ўлганлиги” ҳакида хабарнома ёзилгани ва бу хабарни Йўлдошевнинг синглиси Дилдора Йўлдошева маълум қилгани, 5 май куни Шакл 2 китобига воқеа юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганлиги ҳақида ёзилганлигини иддао қилган эди.

Озодлик мухбири бу иддаолар борадаги саволлар билан ўша куниëқ Қувасой ИИБ бошлиғи Элёр Ғаниевга қўнғироқ қилган эди.

Аввалига суҳбатдош кейинроқ қўнғироқ қилишни айтган¸ кейинги қўнғироқларга жавоб берган айни овоз соҳиби Ғаниевнинг мажлисга кириб кетганини айтиб¸ саволларга жавоб беришни истамаган эди.

Маҳбус ўлмаган

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахсини сир қолишини истаган мулозим Мирзоҳид Йўлдошевнинг олган жароҳатлардан ўлганини ҳам иддао қилган эди.

Бу иддаони 12 май куни рад этган Бош прокуратура матбуот хизмати Йўлдошевнинг Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги тез ёрдам бўлимида даволанаëтганини билдирган эди.

Қувасой шаҳар ИИБ нинг воқеадан хабардор зобити ишдан ҳайдалишидан қўрққани учун исмини айтмай Озодликка маълумот бераркан, 11 май куни бундай деган эди:

"ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари уни бир кун қамоқда ушлаб қийнашди. Оëқларига ва қорнига тепишди¸ Сўнг ИИБ ходимлари Йўлдошевни кўтариб¸ цемент полга ташлашди. Эртаси¸5 май куни ИИБ ходимлари майиб бўлган Йўлдошевни уйига олиб бориб ташлаб келишди.

Қувасой ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қўчқоров ва ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниев докторларга босим қилиб¸ ташхисни йиртиб ташлашни сўрашди. Докторларнинг ИИБга киргани видеокамерада акс этган. Шу боис улар Йўлдошевнинг “кўнгли беҳузур бўлиб¸ тоби қочган” дея ëзиб беришди. Бу ИИБ даги мавжуд қоидаларга зид».

Озодлик мақоласидан сўнг Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати тайёрлаган лавҳада вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев қийноқлар борасидаги иддаоларни рад этди ва Йўлдошев ўзидаги эски бош оғриқ касали билан 5 май куни касалхонага олиб кетилганини айтди.

Тошхўжаевга кўра, Йўлдошев барча Жиноят-процессуал қоидаларга мувофиқ тарзда гувоҳ сифатида сўроқ қилинган ва бу жараён видеокамерага ëзиб олинган.

Лавҳада Мирзоҳид Йўлдошевнинг айнан ўзи деб тақдим этилган йигит «ҳамма жойи соппа-cоғлигини ва ўзини ҳеч ким урмаганини» айтган эди.

Очиқ қолган саволлар

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев «тергов қоидага биноан ўтказилди» дея матбуотга айтганидан кейин нега айни терговни ўтказган Қувасой шаҳар ИИБ 3- сон Ички ишлар бўлимининг Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили¸ майор Эргашев Фурқат Умаралиевич ишдан бўшатилди?

Нега Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниевга огоҳлантирув берилди ва яна уч ходим жазоланди?

Ҳозиргача бирор расмий идора Мирзоҳид Йўлдошевга нисбатан барча ҳаракатлар қонуний бўлган бўлса¸ унинг синглиси нима учун Бош прокуратура ишонч телефонига қўнғироқ қилиб қийноқ ва ўлим борасида иддао қилганини изоҳламади.

Мақола ëзилаëтган пайтда Қувасой ИИБдаги Шакл 2 китобининг Қувасой прокуратурасига олиб кетилгани ҳақида прокуратура ходимлари Озодликка маълумот берди.

Қийноққа солингани айтилган маҳбус Мирзохид Йўлдошевнинг ўзи ва отаси “ИИБ га даъво аризам йўқ” деб ëзиб берилгани ортидан терговгача суриштирув тўхтатилган.

Йўлдошев танасидаги жароҳат излари эса 4 май куни отаси калтаклагани оқибатида пайдо бўлган¸ дея малакаланган.

Мирзоҳид Йўлдошевнинг “ўлими” ҳақида прокуратурага “хабар “ берган сингил Дилдора Йўлдошеванинг баъзи маиший муаммолари шаҳар ҳокимлиги тарафидан ҳал қилиб берилиб¸ унинг “жимлиги” таъминланган.

Қийноқларга қарши кураш

Қувасойдаги маҳбус қийноққа солингани ҳақидаги мақола эьлон қилинганидан бир ой ўтиб Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов ​11 июнь куни ўлди.

Мавзуга алоқадор Андижонда ИИБ қийноғидан комага тушган йигит вафот этди, уч ходимга жиноят иши қўзғатилди

Бу юзадан баëнот берган Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати қийноққа солинган шахс ўлгани ортидан 3 ходим қамоққа олиниб¸ 5 киши ишдан бўшатилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мирзиëев терговда қийноқ ва руҳий тазйиқни тақиқлади

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кўп ўтмай мамлакат хавфсизлик хизматлари¸ хусусан ички ишлар ходимлари томонидан маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўллаш ҳолатлари кўплигини тан олган эди.