ИИВ: Тошкентда халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари қўлга олинди

ИИВ жами 25 нафар шахс қўлга олинганини билдирди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида яширин фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотига алоқадор бўлган гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 23 июнда маълум қилди.

Билдирилишича, Тошкент шаҳрининг Олмазор, Учтепа, Чилонзор, Яккасарой ва Сирғали ҳамда Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 25 та манзилда тинтув ўтказилиб, 25 нафар шахс қўлга олинди.

Хабарда айтилишича, қўлга олинганлар “ҳозирда Сурияда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” сафида бўлган Ўзбекистон фуқароси, 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А. Абдуқаҳҳоров ва унинг раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, интернет орқали экстремистик мазмундаги видеороликларни муҳокама қилиб, “ҳижрат” ва “жиҳод” амалларини бажариш мақсадида Сурия Араб Республикасига чиқиб кетишни режалаштирганлар”.

Қўлга олинганлардан уч нафари муқаддам терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларда айбланиб, жазо муддатини ўтаб чиққан.

Мазкур амалиёт ДХХ, ИИВ ҳамда Тошкент шаҳар ДХХБ, ИИББ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилгани айтилди.

“Тавҳид ва жиҳод катибаси” Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.