Президент Шавкат Мирзиёев 24 июнда Москвада Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган парадда иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
"Бўлиб ўтган парадда Ўзбекистон Қуролли Кучлари вакиллари ҳам улуғ аждодларга муносиб тарзда иштирок этди. Умумий ҳисобда, тантанада 13 та давлатдан 225 та ҳарбий техника, 14 минг аскар ва офицер қатнашди. Россия пойтахти осмонидан 55 самолёт ва 20 та вертолётнинг учиб ўтиши байрамга ўзгача руҳ бағишлади”,-дейилади расмий хабарда.
Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев 24 июнда Москвадаги Ислом Каримов ҳиёбонига бориб, Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Мазкур ҳиёбонга 2018 йилнинг 18 октябрида Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган эди.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, бу ерда Мирзиёев ўзбекистонлик муҳожирлар билан учрашиб, уларни “байрам билан қутлади”.
Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясига амалий ташрифи давомида Москва шаҳрининг Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гул қўйди.
Президент Ғалаба парадида иштирок этиш учун 23 июнь куни Москвага борган эди.