Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда ишсизлар сони 600 минг кишига кўпайди ва 2 миллионга етди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов “Кун.уз” нашрига берган суҳбатида маълум қилди.
"Жорий йил бошида ишсизлар сони 1 миллион 400 минг атрофида эди. Шундан кейин пандемия таъсирида айрим корхоналар фаолиятини тўхтатгани сабабли ишсизлар сони 2 миллион нафарга яқинлашди. Бундан ташқари, хориждаги ишига бора олмаётган 500 минг нафарга яқин фуқароларимиз ҳам бор”, -деб айтган вазир.
Фоиз ҳисобида олинадиган бўлса, Ўзбекистонда пандемияга қадар ишсизлик кўрсаткичи 9,3 фоиз эди. Айни пайтдаги тахминий ва бирламчи ҳисоб-китобларга кўра бу кўрсаткич 14-15 фоизга етди.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Халқаро валюта фонди Ўзбекистонда жорий йилда ишсизлик даражаси 16,5 фоизга етиши мумкинлигини билдиргани ҳақида хабар берган эди.
Хабарда айтилишича, аввалроқ Ўзбекистонда ишсизлик жорий йилда 8,9 фоизга етиши прогноз қилинган. Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ишсизлик кўрсаткичини расман бундан озроқ қилиб кўрсатмоқда.