Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатида юзага келган тошқинда зарар етган 1828 та турар-жой таъмирланди, 32 та кўприк тикланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов маълум қилди.
Унга кўра, таъмирлаш ишларига 14 мингдан зиёд ишчи ва 800 техника жалб қилинган. 1205 қисқа рақами орқали 8 171 та мурожаат келиб тушди. Шундан 8 148 таси ижобий ҳал этилди, қолган 23 та мурожаат тегишлилигига кўра ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинган.
Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудларда ҳамда вилоят бўйича 218 та турар-жойда 49 550 кв. м. майдонда дезинфекция тадбири ўтказилди.
Зарар кўрган масжид ҳамда қабристонларда таъмирлаш ва тиклаш ишлари тўлиқ якунланди.