Ўзбекистондаги ҳар бир ички ишлар бўлимида ходимларнинг одамлар билан мулоқотини видеога олиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўрнбосари Рустам Хотамов маълум қилди.
“Биз ҳозир ҳар бир туман ички ишлар бўлимларида фуқароларнинг ходимлар билан суҳбати аудио ва видеоаппаратурага ёзиб олинадиган махсус хоналарни тайёрлаяпмиз. Умуман, биз зўравонлик ва таҳдид ҳолатларининг олдини олиш учун барча чораларни ишга соламиз”,-деди вазир ўринбосари.
Унга кўра, махсус хоналарни ташкил этилишига Андижондаги ички ишлар бўлимида қийноққа солинган шахснинг вафот этгани туртки берган.
Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли Алижон Абдукаримов 11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Ички ишлар вазирлиги Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар ҳибсга олинганини, беш киши лавозимидан бўшатилганини ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилганини билдирган.