Президент Чортоқда камбағаллар учун қурилган иссиқхонани бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни Наманганга борган эди. Президент матбуот хизмати фотоси.

Чортоқда кам таъминланган оилалар учун ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ташкил этилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати 26 июнда хабар берди.

Хабарда айтилишича, президент Мирзиёев Наманган вилоятига қилган сафари давомида вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Бир жойда - минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси билан танишган.

Мазкур иссиқхона Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудида узоқ йиллар дашт бўлиб ётган ҳудудда амалга оширилмоқда. 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона қурилмоқда.

“Лойиҳанинг умумий қиймати 13 миллиард сўм. Ҳозирги кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган ҳар бири 2 сотихдан бўлган 800 та иссиқхона қуриб эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Айни пайтда Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оила аъзоларининг бандлиги таъминланди”, -дейилади хабарда.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни эрталаб Наманганга борган эди.