Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Гулнора Каримовага қарашли бўлган “Сижжак” оромгоҳи сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги 26 июнда маълум қилди.
“Сижжак” оромгоҳини оммавий савдолар орқали, “шаффофлик принципи асосида сотиш” режалаштирилмоқда.
“Агентлик тасарруфидаги мазкур мажмуанинг умумий ер майдони бино ва иншоотлари билан биргаликда 5,38 гектарни ташкил этади. Айни дамда хусусийлаштириш бўйича ташкилий ишлар амалга ошириляпти”, -дейилади хабарда.
Мазкур оромгоҳ 2017 йилнинг 10 февралида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди ажрими билан Гулнора Каримовадан мусодара қилинганидан сўнг 2019 йилда Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилганди.
Триатлон федерацияси раиси, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти эса президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаровдир.