Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилади. Бу борада президент Мирзиёев 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригида маълум қилди.
Журналистларни табриклар экан, президент сўз эркинлигини ва “давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилгани”ни эслатиб ўтди.
Президентга кўра, охирги йилларда Ўзбекистонда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди.
Айни пайтда Шавкат Мирзиёев журналистика соҳасидаги камчиликларни ҳам тилга олди.
“Миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда. Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда”, -дейилади президент табригида.
Табрик сўнгида президент матбуот ходимларига “Сизларни ва сизларнинг ижод маҳсулингиздан баҳраманд бўладиган жамики муштарий ва мухлисларингизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман”, -деб тилак билдирган.