Бундан буён хориж фуқаролари Россияда патент ёки ишлаш учун рухсатнома олиш, вақтинча рўйхатдан ўтишга ариза бериш учун биринчи навбатда COVID-19 текширувдан ўтиши лозим. Бу ҳақда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли буйруқ чиқарилгани ҳақида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, бошқа давлат фуқаросида коронавирус борлиги тасдиқланса, унга Россияда яшаш ва ишлаш имконияти рад этилади.
Коронавирусдан ташқари, ушбу рўйхатга ОИВ, сил, захм ва мохов касаллиги ҳам киритилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилган буйруққа асосан, Россияда қонуний бўлиш учун чет элликлар юқумли касалликлар бўйича шифокорга бориши ва нуклеин кислотасини кучайтириш усулларидан фойдаланган ҳолда COVID-19га лаборатория текширувидан ўтиши керак, яъни коронавирус учун ПЗР тестини топшириш лозим.
Илгари, рўйхатдан ўтиш ва шартнома асосида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон фуқаролари бир йил муддатга патент олишлари мумкин эди, шундан кейин улар расмий меҳнат шартномаси бўйича ишлаган бўлса, мамлакатдан чиқмасдан яна бир марта қайта рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга эдилар.
17 апрель куни Давлат думаси чет эл фуқароларининг Россиядан чиқиб кетмасдан меҳнат патентларини узайтириш ҳуқуқини қонунийлаштирганди.
Москва учун 2020 йилда патентнинг ойлик қиймати 5350 рубль (76,6 АҚШ доллари) миқдорида белгиланган.