Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилди, у бевосита мамлакат президентига бўйсунади

Янги тузилган агентликнинг бевосита президент Шавкат Мирзиёевга бўйсуниши айтилмоқда.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, агентлик Ш. Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тузилган.

Бевосита президентга бўйсунадиган ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлган агентлик, қайд этилишича, коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Фармон билан агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланган. Агентликнинг Ўзбекистонда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаши айтилмоқда.

Агентликка қуйидаги қатор ҳуқуқлар берилган:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.

Фармонга мувофиқ, агентликнинг огоҳлантириш, тақдимнома ва мурожаатлари ўн кун ичида кўриб чиқилиши ва натижалари юзасидан ёзма ахборот берилиши шарт.