Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга, директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади. Бу ҳақда “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарорида белгилаб қўйилди.
Мазкур қарорда агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50та штат бирлиги миқдорида белгиланди. 10та штат бирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, 40та штат бирлиги эса Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.
29 июнь куни “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилган эди.
Агентлик директори Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади. Президентнинг агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.