Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга коронавирусга қарши кураш доирасида карантин чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.
Мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайиши ортидан Тоқаев 29 июнда вилоят ҳокимлари, ҳукумат амалдорлари ва вазирларга огоҳлантириш берди. Президент карантин чораларини кучайтириш шартлиги ҳақида гапирди.
Қозоғистонда 16 мартда карантин жорий этилган ва 1 июндан бошлаб карантин чоралари юмшатилганди. Бунинг ортидан Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Қозоғистонни “коронавирус тез тарқалаётган давлат”лар қаторига қўшди.
Аввалроқ президент коронавируснинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш мақсадида 10 миллиард доллар ажратилгани ҳақида билдирган эди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистонда 37 996 киши COVID-19га чалинди. Беморлардан 183 нафари ўлди.